«ОДИЛ СУДЛОВ — 2030»: ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОНДА ИНСОН ҲУҚУҚЛАРИНИ ИШОНЧЛИ ҲИМОЯ ҚИЛУВЧИ ХАЛҚЧИЛ ВА АДОЛАТЛИ СУД ТИЗИМИНИ БАРПО ЭТИШ СТРАТЕГИЯСИ
Abstract
Янги Ўзбекистонда инсон қадрини улуғлаш, унинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини суд орқали ҳимоя қилишни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш ҳамда суд процессига замонавий ҳуқуқий механизм ва институтларни жорий қилиш орқали халқчил ва адолатли суд тизимини барпо этиш, шунингдек, «Ўзбекистон — 2030» стратегиясида белгиланган одил судловга оид стратегик мақсадларни изчил амалга ошириш мақсадида суд тизимини ислоҳ қилиш қуйидаги устунлар асосида амалга оширилиши белгиланди:
(а) «халқчил суд» — судлар фаолиятининг шаффофлиги, суд жараёнлари ва суд фаолиятига оид ахборотдан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш орқали суд тизимининг очиқлигини таъминлаш ва жамиятда судга бўлган мутлақ ишончни қарор топтириш, судларни бюрократиядан бутунлай холи тизимга айлантириш;
(б) «адолат қўрғони» — инсон ҳуқуқлари устуворлигини сўзсиз таъминлайдиган, ҳар қандай таъсир ва аралашувлардан холи, мустақил одил судлов тизимини мустаҳкамлаш;
(в) «кафолатланган адолат» — қонуний, адолатли ва асослантирилган суд қарорларини қабул қилиш, уларнинг сифати ва барқарорлигини таъминлаш орқали фуқароларнинг бузилган ҳуқуқларини судда тиклаш кафолатларини кучайтириш;
(г) «адолат посбонлари» — халқ хизматида бўлган, юксак маънавий ва профессионал фазилатларга эга, адолат мезонларига қатъий риоя қилувчи судьялар корпусини шакллантириш;
(д) «рақамли одил судлов» — суд иш юритувини тўлиқ рақамлаштириш ва замонавий технологияларни жорий этиш орқали фуқаролар учун ортиқча оворагарчиликларсиз, қулай ва тезкор суд муҳокамаси имкониятини яратиш;
(ж) «халқаро эътироф» — инсон ҳуқуқлари соҳасидаги илғор халқаро стандартларни миллий суд амалиётига имплементация қилиш ва мамлакатнинг халқаро майдондаги нуфузини юксалтириш.