МАРКАЗИЙ ОСИЁ МУЛЬТИПЛИКАЦИЯ САНЪАТИДА МИЛЛИЙ ОБРАЗЛАРНИНГ БАДИИЙ ТАЛҚИНИ: ВИЗУАЛ-ПЛАСТИК ТИЗИМ ВА МАДАНИЙ КОДЛАР
Keywords:
анимация, мультипликация, миллий образ, миллийлик, визуал-пластик талқин, маданий код, фольклор, мифология, миллий идентиклик, орнамент, ранг, визуал семиотика, Марказий Осиё.Abstract
Мазкур мақолада Марказий Осиё мультипликация санъатида миллий образларнинг шаклланиши ва бадиий талқини визуал-пластик ҳамда маданий-семиотик ёндашувлар асосида тадқиқ этилади. Тадқиқотнинг асосий мақсади миллий образни персонажнинг ташқи кўриниши билан чекламасдан, уни шакллантирувчи визуал, пластик, маконий ва сюжет-композицион элементларни ягона тизим сифатида аниқлашдан иборат. Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон анимацияси мисолида фольклор, мифология, эпик мерос, тарихий хотира, миллий либос, орнамент, ранг, архитектура, табиат, маиший предметлар, ҳаракат пластикаси ҳамда овоз-мусиқа компонентларининг миллий образ яратишдаги вазифалари таҳлил қилинади. Тадқиқотда қиёсий-типологик, визуал-стилистик, семиотик ва санъатшунослик таҳлил усулларидан фойдаланилди. Натижада Марказий Осиё анимациясида миллий образни шакллантиришнинг умумий ва ўзига хос моделлари аниқланди. Миллий образнинг асосий хусусияти унинг алоҳида белгилар йиғиндиси эмас, балки персонаж, бадиий муҳит ва сюжет ўртасидаги функционал муносабат орқали юзага келиши эканлиги асосланади. Шунингдек, рақамли технологиялар таъсирида миллий визуал кодларнинг янги бадиий шаклларга ўтаётгани кўрсатилади.